2-мавзу. Диннинг моҳияти, тузилиши ва функциялари режа



Yüklə 22,09 Kb.
tarix08.05.2020
ölçüsü22,09 Kb.
#31125
2-ma'ruza (1)
1-ma'ruza, 9-seminar, 20 Maktabda tasviriy san’at mashg‘ulotlarining maqsadi.
2-МАВЗУ. ДИННИНГ МОҲИЯТИ, ТУЗИЛИШИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ

Режа

1. Диннинг моҳияти ва унга берилган таърифлар

2. Диннинг ижтимоий функциялари

3. Динлар таснифи


“Инсон қачондан бери Худога ишониб келади?”, “Дин қачон пайдо бўлди?” каби саволлар доимо олимларни қизиқтириб, ўйлантириб келган. Мазкур изланишлар неча асрлардан бери давом этиб келаётган бўлса-да, ҳали ҳануз бу борада бир тўхтамга келинмаган. Умумий маънода, бугунги кунда фанда динларнинг шаклланиши тарихига оид икки хил қараш мавжуд.

Биринчи қарашга кўра диннинг пайдо бўлиши бевосита инсониятнинг яралиши билан боғлиқ. Худо илк инсонларни яратиши билан уларга Ўзини танитди, натижада инсон илк динга эътиқод қила бошлади. Бундай қараш фанда “теологик ёндашув” деб номланади. Бугун мавжуд бўлган ҳар қандай дин ўзининг тарихини инсоният яралиши – илк инсон билан боғлашини кўришимиз мумкин. Жумладан, ислом динида – Одам ва Ҳавво, яҳудийлик ва христианликда – Адам ва Ева, зардуштийликда – Говмард, синтоизмда – император Микадо ва бошқалар. Мазкур таълимотлар динларнинг муқаддас манбаларида баён қилинган.
Теологик ёндашувга кўра, турли буюмларга сиғиниш ва кўпхудолик, жумладан анимизм, тотемизм, фетишизм ва шомонлик яккахудолиликдан кейин юзага келган. “Теология” атамаси (“deus” – Худо, “logos” – таълимот) қадимги Юнонистонда пайдо бўлган ва дастлаб ҳеч қандай фалсафий юкка эга бўлмаган. “Теология” сўзи илоҳлар тўғрисидаги достонларда қўлланилган, бундай асарларнинг муаллифларини эса теологлар деб аташган. Арасту “теология” атамасидан фалсафанинг муайян қисмини белгилаш учун фойдаланиб, мазкур атамани шарҳлашда бурилиш ясади. У назарий фалсафани математика, физика ва теологияга ажратди. Арасту илоҳиёт илмини “биринчи фалсафа”, олий мушоҳада фани ёки “олий фалсафа” деб номлади. У илоҳиёт илмини борлиқ, унинг ибтидоси ва мавжудлиги сабаблари тўғрисидаги фан сифатида белгилаб берди.

Динларнинг келиб чиқиши ҳақидаги иккинчи қараш фанда “материалистик ёндашув” деб номланади. Мазкур қарашларнинг пайдо бўлиши антик даврга бориб тақалиб, илк бор қадимги юнон файласуфлари қарашларида акс этган. XVII асрга келиб Европада черков ҳокимиятининг сусая бошлаши, ҳурфикрлилик намояндалари - дин танқидчиларининг пайдо бўлиши, XIX асрнинг иккинчи ярмида Чарльз Дарвин томонидан “Турларнинг келиб чиқиши” (1859) номли асарнинг чоп этилиши ҳам туртки бўлди. Кейинчалик мазкур қарашлар Август Комт ва Людвиг Бухнерлар томонидан энг чўққисига кўтарилди. Унга кўра дин бу ижтимоий ҳодиса, инсон тафаккури, эмоциялари маҳсулидир. Мазкур қараш тарафдорлари фикрича, динлар соддадан – мураккабга, умумийликдан – хусусийликка, кўпхудоликдан – яккахудоликка томон узоқ тарихий эволюцион жараённи босиб ўтган. Унга кўра, илк даврдаги ибтидоий одамнинг жисмоний, физиологик, асаб-эндокрин, биологик, психологик ва бошқа соҳалари ўзига хос хусусиятларга эга эди. Бу нафақат унинг ҳаёти ва фаолиятига, феъл-атворига, балки унинг фикрлаш даражасига, кучли ҳаяжонланишига, тасаввур этишига, мустаҳкам, ҳақиқий ёки сохта мантиқий қонуниятларни кашф этишига таъсир кўрсатади. Уйқу, туш ва нафас олиш каби ҳолатларда танани бошқарувчи ва ўлим билан ундан ажратиб турувчи, ҳаёт бағишловчи қандайдир куч мавжудлигига ишонган аждодларимиз, мазкур куч ҳаракат қилувчи ҳар бир нарса: дарё, қуёш, ой, дарахт каби мавжудотларда бор деб тасаввур қилганлар. Натижада, инсон қўрқуви, ҳурмати, эҳтиёжи ва зарурати даражасида уларга сиғина бошлаган.

Материалистик мактаб тарафдорлари фикрига кўра, қўрқув динларнинг келиб чиқишида асосий роль ўйнаган ҳиссий ҳолатдир. Жумладан, инглиз файласуфи Херберт Спенсер (1820-1903) ҳам ибтидоий қабила динларининг келиб чиқишига қўрқув натижасида “аждодларга сиғиниш” сабаб бўлганлигини таъкидлайди. Спенсер ижтимоий ҳисоб-китобларга суянган ҳолда, ҳаёт қўрқувининг динлардаги ўрнига алоҳида диққатни тортади. Бу қўрқувнинг аждодларга нисбатан ибодатнинг барча кўринишлари шакллантирганлигини ва тангриларнинг устун ёки қаҳрамон бўлган аждодлардан танланганлиги фикрини илгари суради; ҳар бир динда аждодларга алоҳида эътибор қаратилганлигига ишора қилади.

Дин тушунчаси ўзбек тилига араб тилидан кириб келган бўлиб, ишонч, инонмоқ маъносини билдиради. Бизнинг фикримизча, дин реал воқеликдаги, ижтимоий ҳаётдаги нарса ва ҳодисаларни табиатдан, жамиятдан ташқарида мавжуд деб ҳисоблайдиган, уларни ўзига хос тарзда акс эттирадиган маънавий эътиқод ва амалнинг бир туридир. Эътиқод сўзи ҳам араб тилидан кириб келган бўлиб, чуқур, мустаҳкам ишонч маъносини англатади- Демак, диний эътиқод деганда мустаҳкам, чуқур ишонч, маслак, ишониш тушунилади. Илоҳиёт, яъни диний таълимот нуқтаи назардан "дин", "диний эътиқод" тушунчалари жамият, инсон, унинг онги ҳаётнинг маъноси, мақсади ва тақдири уни бевосита қуршаб олган моддий оламдан ташқарида бўлган, уни гўё яратган, айни замонда инсонларга бирдан-бир "тўғри", "ҳақиқий", "одил" ҳаёт йўлларини кўрсатадиган ва ўргатадиган илоҳий кучга ишонч ва ишонишни ифода этадиган маслак, қарашлар, таълимотлар мажмуидан иборатдир.

Муайян иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва ғоявий сабабларга кўра диний дунёқарашлар тўла ҳукмрон бўлган шароитларда қар қандай илғор табиий, илмий, жумладан, фалсафий қарашлар ҳам диний қарашларни, уларнинг мавжудлик сабабларини, моҳияти масалаларини четлаб ўта олмаган; лекин уларнинг дин ҳақидаги қарашлари руҳоний ва уламоларнинг расмий қарашларидан жиддий фарқ қилган. Биз бу вазиятни Форобий ва Берунийнинг динга бўлган муносабатларида кўришимиз мумкин.

Форобийнинг динга муносабати асосан унинг "Фозил шаҳар аҳолиси ҳакида китоб" рисоласида баён қилинган. Унинг фикрича, дин ҳам фалсафа каби воқеликни ўрганишга қаратилган, Бу фалсафа моддий оламни билиш, сабаб, оқибат боғланишларини аниқпаш орқали ўрганади. Дин эса воқеликка бу услуб билан эмас, балки тасвир (образли), рамзий, мажозий, қиёсий тасаввурлардан фойдаланиш орқали эътиқод қилишга чакириш йўли билан ёндашади. Демак, дин воқеликни, сабаб ва оқибат боғланишларининг моддий асосини ўрганмасдан изохлашга киришади. Айни замонда воқеликни фалсафий билиш, ўз моҳиятига кўра, диний билишдан устувордир.

Берунийнинг динга муносабати унинг "қадимги халклардан қолган ёдгорликлар" ва "Ҳиндистон" асарларида баён қилинган. Унинг фикрича, дин ҳам билим бўлиб, бундай билим вокеликдаги нарса ва ҳодисаларни далиллар орқали исботлаш билан ўрганиш мумкин бўлмаган жойда қўлланилади. Диний билим исботсиз эътиқодга, илмий билим эса далиллашга, исботлашга асосланади. Берунийнинг ўзи эса буткул далилларга асосланган билимлар билан шугулланган. У моддий олам ҳақидаги илмий масалаларни ҳал қилишда диннинг таъсирини чеклашга интилган. Форобий ва Беруний динга бундай ёндашишлар орқали илмий билимни дин таъсиридан халос этишга ғоят ўринли ҳаракат қилганлар. Улар динга эмас, унга сингиб қолган мутаассибликка қарши чиққанлар.

Илмий билимларга асосланган дунёвий ишончли, ҳақикий таълимот оламнинг мавжудлик сабаблари масаласида диний қарашлар билан келишмаса-да, аммо инсонни, унинг ижтимоий фаолияти, маънавий ва ахлоқий қадриятларини ўрганишда минглаб йиллар мобайнида унинг бағрида қўлга киритилган билим, тажриба, уларнинг ҳозирги кундаги ижобий аҳамиятини асло рад қилмайди. Динларнинг пайдо бўлиши, қарор топиши ва кайта тикланишининг гносеологик, ижтимоий ва психологик илдизлари мавжудцир. Унинг илдизлари ўзаро алоқадорликда бўлиб, ижтимоий тараққиётнинг турли босқичларида уларнинг эгаллаган ўрни ҳам, одамларга таъсир даражаси ҳам гоҳ кучайиб, гоҳ пасайиб туради; бу илдизлар туфайли дин тарқалиб, қарор топиб, амал қилиб, гоҳ авж олиб, гоҳ заифлашиб туради. Масалан, ҳозирги даврда умумбашарий (глобал) муаммолар, чунончи озиқ-овқат етишмаслиги, хом ашё камайиб бораётганлиги, энергия танқислиги, аҳолининг тез кўпайиб бораётганлиги, термо-ядро уруши хавфи кучаяётганлиги, атроф-муҳитнинг тобора ифлосланаётганлиги, экологик вазият, яъни ахлоқий бузилиш (сиёсий, диний экстремизм, террорчилик, корупция, ўгарлик, талончилик, бузғунчилик ва ҳ. к., тобора кўпроқ тахдид, хавф-хатар туғдирмокда.

Дин кишилар ўртасидаги муайян муносабатлар ва бу борада диний ташкилотларнинг фаолиятидан ҳам иборатдир. Диннинг ҳамма таркибий қисмлари сингари диний муносабатлар ва диний ташкилотлар фаолияти ҳам ижтимоий вазиятлар билан белгиланади. Буларнинг фаолияти нисбий мустақилликка эга бўлиб, кишиларнинг воқеликка бўлган муносабатига муайян даражада ижобий ёки салбий таъсир этиб туради.

Диний тушунчалар, тасаввур ва кайфиятларга мослашиб, буларнинг бевосита таъсири натижасида вужудга келадиган диндорлар ўртасидаги алоқадорлик ва диний жамоа, уюшма ва ташкилотларнинг фаолиятлари диний муносабатлар деб аталади. Бундай муносабатлар ижтимоий, гоявий, мафкуравий муносабатларнинг турлари бўлиб, муайян дунёқарашни шакллантиради, пироварди-оқибатда ишлаб чиқариш муносабатларининг маҳсули ҳисобланади.

Жамиятда диний муносабатлар алоҳида мавжуд бўлмайди; ижтимоий муносабатларнинг бошқа турлари, чунончи сиёсий, ҳуқуқий, ахлоқий, маънавий муносабатлар, меҳнат жараёнлари билан узвий боғлиқцир; бир-бирини озиклантириб туради.

Диний муносабатлар, биринчидан, ҳар бир диний жамоа, уюшма, ташкилотлар орасидаги, иккинчидан, диний ташкилотлар ўртасидага ва учинчидан, ташқи муносабатлар доирасидаги алоқаларга бўлинади. Бу алокаларнинг объекти ва субъекти диний жамоалардир, улар диний эътиқодга асосланган дунёқарашга эга бўлган кишилар бирлигининг муайян шакли ва диний уюшманинг бошланғич элементидир. Бу бирликнинг асосий белгилари қуйидагича:

1) диний эътиқод, мақсад ва вазифалар бирлиги; 2) диний маросимлар ва ундан ташқаридаги фаолиятларнинг бирлиги; 3) этник бирлик туйғуеи; 4) жамоа аъзолари орасидаги ўзаро тақсимланган мавқе ва вазифаларнинг бирлиги.

Диний жамоаларнинг тузилиши анъаналар ва урф-одатлар, қуқуқ ёки умумий дастурлар, қоида, фатволар бидан белгиланади. Булар махсус мезонлар сосида расмий ва норасмий гурухларга: -"жамоа кенгаши", "руҳонийлар", "қавмлар" ва "ваъзхонлар" га, диний ва хўжалик, молия ишлари билан шуғулланувчи гуруҳларга бўлинади.

Мустақиллик ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида, жумладан, маънавий ҳаётдаги янгиланиш жараёни ва туб ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Динга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарди: собиқ совет тизимининг динга атеистик ҳужумкорлик сиёсатига барҳам берилди, виждон эркинлиги қонун орқали кафолатланди.

Дин – эътиқод ва у ҳар бир кишининг шахсий иши ҳисобланади. Диний нуқтаи назарга кўра, дин – муайян диний эътиқодларга, яъни илоҳга, унинг томонидан инсонларга хабар етказувчиларнинг ғайриоддий салоҳиятга эга эканига (пайғамбарлик), инсонлар атрофида унга кўринмайдиган аммо ундан анча юқори даражада турувчи мавжудотлар борлигига (фаришталар, жинлар) инсон идеал ҳаёт кечириши учун азалдан белгиланган қонуниятлар мавжудлигига (муқаддас китоблар), инсон ҳаёти мунтазам назорат остида эканига, қилинган барча яхшилик ва ёмонлик учун мукофот ёки жазо муқаррарлигига (охират, ҳисоб-китоб қилиниш), инсон қисмати аввалдан белгиланишига (тақдир) ва шу каби қарашларга ишониш, уларни ақида сифатида қабул қилишдан иборат.

Дин – табиaт, жамият инсон ва унинг онги, яшашдан мақсади ҳамда тақдири инсониятнинг бевосита қуршаб олган атроф-муҳитдан ташқарида бўлган, уни яратган айни замонда инсонларга тўғри, ҳақиқий, одил ҳаёт йўлини кўрсатадиган илоҳий қудратга ишонч ва ишонишни ифода этадиган маслак, қараш таълимотдир. У муайян таълимотлар, ҳис-туйғулар, тоат-ибодатлар ва диний ташкилотларнинг фаолиятлари орқали намоён бўлади. У олам, ҳаёт яратилишини тасаввур қилишнинг алоҳида тариқаси, уни идрок этиш усули, оламда инсониятнинг илк тарихидан то бизгача ўтган даврларни илоҳий тасаввурда акс этишидир. Дин комил инсонни тарбиялашда салмоқли тарбияловчи қудратга эга бўлган маънавий-ахлоқий кучдир.

Дин ишонмоқ туйғусидир. Ишонмоқ туйғуси инсониятнинг энг теран ва гўзал руҳий-маънавий эҳтиёжларидандир. Дунёда дини, ишончи бўлмаган халқ йўқ. Халқ динсиз, эътиқодсиз бирор-бир нарсага ишончсиз ҳолда яшай олмайди. Социологик нуқтаи назардан қараганда дин жамият учун зарурий нарса, ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисмидир. У ижтимоий муносабатларни юзага келтирувчи ва амалга оширувчи омил сифатида намоён бўлади. Бу эса динни жамиятда бажарган вазифаларига кўра ўрганиш мумкин демакдир.



Диннинг вазифалари унинг алоҳида шахс ва жамиятга таъсири ва табиатидан келиб чиқади. Диннинг вазифаси ёшларга шахс, оила, жамият ҳаётига кириб бориши, маданият ва маънавиятни бойитишга қўшган ҳиссасини кўрсатиб беришдир.

Диннинг ижтимоий вазифалари ҳақидаги таълимотни функционизм ривожлантиради. Функционизм жамиятга ижтимоий тизим сифатида қарайди. Унда жамиятдаги ҳар бир элемент муайян функцияни бажаради. Диннинг жамиятда бажарадиган ижтимоий, маънавий, руҳий вазифалари қуйидагилардан иборатдир:



Биринчидан, ҳар бир дин ўз эътиқод қилувчилари учун тўлдирувчилик, тасалли берувчилик – компенсаторлик вазифасини бажаради. Масалан, инсонда доимий эҳтиёж ҳосил қилиш ҳодисасини олайлик. Инсон ўз ҳаёти, турмуш тарзи, табиат ва жамият билан бўлган муносабатлари жараёнида ҳаётий мақсадларига эришиши иложсиз бўлиб кўринганида, унда қандайдир маънавий-руҳий эҳтиёжга зарурият сезади. Бу диний эҳтиёж бўлиб, у маънавий-руҳий эҳтиёжни қондирувчи, тасалли берувчилик вазифасини бажарган ва бажармоқда.

Масалан, буддавийлик дини роҳибликни тарғиб қилади, христианликда эса, ҳар бир христиан Исо масиҳнинг қайтишига умид қилиб, сабр-бардош билан ҳаёт кечиради. Ислом динида ҳар бир мусулмон дунёда эришмаган моддий ёки руҳий орзу-истакларига охиратда эришишга ишонган ҳолда яшайдилар.



Иккинчидан, дин ўз таълимот тизимини вужудга келтиргач, ўзига эътиқод қилувчилар жамоасини, шу таълимот доирасида сақлашга ҳаракат қилган ва ҳозир ҳам шундай. Бу диннинг бирлаштирувчилик – интеграторлик вазифаси деб аталади. Дин доимо ижтимоий, этник, ижтимоий ва маънавий ҳаётда узвийлик, мунтазамлиликни таъминлаш мақсадида у халқларнинг ижтимоий ҳаётига, ахлоқий муносабатларига, адабиёти ва санъатига боғланган.

Масалан, яҳудийликда мазкур дин вакиллари бир мафкура атрофида бир миллат ва ягона маслак эгалари бўлиб, ягона худо Яҳвенинг севимли бандалари эканлиги уқтирилади.

Христианликда диний меъморий, тасвирий, мусиқа санъатидан фойдаланиб икона чизувчилар мактаблари фаолият олиб боради.

Учинчидан, ҳар бир дин ўз қавмлари турмушини тартибга солиб назорат қилувчилик – регуляторлик вазифасини бажаради. Динлар ўз урф-одатлари, маросим ва байрамларининг қавмлари томонидан ўз вақтида, қатъий тартибда амал қилишини шарт қилиб қўяди.

Масалан, исломда кунига беш маҳал намоз ўқилиши, ҳар ҳафта жума намозини жомеъ масжидларида адо этиш ва ҳоказолар.



Тўртинчидан, дин алоқа боғлашлик – коммуникативлик вазифасини ҳам бажаради, яъни ҳар бир дин ўз қавмларининг бирлиги, турли диндаги кишиларнинг ўзаро алоқалари, ўзаро ҳуқуқ ва бурчларининг борлиги, урф-одат ва ибодатларни жамоа бўлиб бажарилиши лозимлиги назарда тутилади.

Бешинчидан, дин қонунлаштирувчилик – легитимловчилик функциясини ҳам бажаради. Диннинг бу функцияси назарий асосини америкалик социолог Т.Парсонс ишлаб чиққан. Унинг фикрича, “ҳар қандай ижтимоий тизим муайян чекловларсиз мавжуд бўла олмайди. Бунинг учун у қонун даражасига кўтарилган ахлоқ нормаларини ишлаб чиқиши керак. Дин бундай нормаларни қонунлаштирибгина қолмай, уларга бўлган муносабатни белгилайди”.

Олтинчидан, дин вазифаларининг фалсафий, назарий жиҳатлари мавжуд. У инсонга яшашдан мақсад, ҳаёт мазмунини, дорулфано ва дорулбақо дунё масалаларига ўз муносабатларини билдириб туришдан иборатдир.

Дин инсониятнинг руҳий дунёси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унинг ижтимоий ҳаётида доимо у билан бирга бўлади. Динни ўрганиш бу инсониятни ўрганишдир. Дин инсоният билан бирга дунёга келган.



Динлар пайдо бўлишига кўра қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

- Уруғ-қабила динлари – тотемистик, анимистик тасаввурларга асосланган, ўз уруғидан чиққан сеҳргар шомон қабила бошлиқларига сиғинувчи динлар. Улар ҳозир Австралия, Жанубий Америка ва Африкадаги баъзи қабилаларда сақланиб қолган:

- Миллий динлар – маълум миллатга хос бўлиб, бошқа элат вакиллари ўзига қабул қилмайдиган динлар. Уларга яҳудийлик, ҳиндуийлик, конфуцийлик, синтоизм кабилар киради;

- Жаҳон динлари – дунёда энг кўп тарқалган, кишиларнинг миллати ва ирқидан қатъи назар унга эътиқод қилишлари мумкин бўлган динлар. Унга буддавийлик, христианлик ва ислом дини киради.

Динлар таълимотига кўра, монотеистик – яккахудолик (яҳудийлик, ислом) ва политеистик – кўпхудолик (ҳиндуийлик, конфуцийлик) динларига бўлинади.
Такрорлаш учун саволлар

1. Динга берилган қандай таърифларни биласиз?

2. Диннинг қандай ижтимоий вазифалари бор?

3. Диншуносликнинг амалий аҳамияти нимада?



4. Динлар қандай таснифланади?
Yüklə 22,09 Kb.

Dostları ilə paylaş:




Verilənlər bazası müəlliflik hüququ ilə müdafiə olunur ©www.azkurs.org 2022
rəhbərliyinə müraciət

    Ana səhifə